Путин Навальний ўлими юзасидан берган изоҳи давомида унинг фамилиясини тилга олди

Навальнийнинг қабри устида қолдириб кетилган сайлов бюллетенлари

Россия президенти Владимир Путин 17 март оқшоми Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Алексей Навальнийнинг Ямалдаги колонияда жон таслим қилгани ҳақида гапира туриб, мухолифатчининг фамилиясини тилга олди.

Навальнийнинг ўлимини “ачинарли воқеа” деб атаган Путин мухолифатчи Россияга қайтмаслиги шарти билан уни алмаштириш масаласини муҳокама қилганини тасдиқлади.

Путинга кўра, Навальнийни ғарб мамлакатлари қамоқхоналарида бўлган маҳкумларга алмаштириш ғояси ҳақида унга “айрим касбдошлар” айтган, бироқ улар президент администрациясида ишлашмайди.

“Мен билан гаплашиб турган одам бу хусусдаги жумласини тугатмаёқ мен: “Розиман”, деб айтдим. Аммо, афсуски, бўлар иш бўлди. Мен бу иш фақат битта шарт амалга оширилишини айтганман: агар уни алмаштирсак, ортга қайтмайди, ўша ерда ўтираверсин, деганман”, деди Путин.

Аввалроқ “Агентство” ахборот агентлиги ва инглиз тилида чиқадиган нашрлар Россия Алексей Навальнийни, америкалик журналист Эван Гершковични ва америкалик истеъфодаги денгиз пиёдаси Пол Уиланни озод қилишга тайёр бўлгани ҳақида хабар тарқатишган эди. Бунинг эвазига Россияга, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, чеченистонлик дала қўмондони Зелимхон Хангошвили ўлимига оид иш бўйича Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Вадим Красиков ҳамда “АҚШда судланган россияликлардан кимдир” берилиши мумкин эди.

Авваллари Путин Навальний фамилиясини талаффуз қилишдан қочиб келган. У Навальнийнинг фамилиясини мухолифатчи ҳаётлик чоғида фақат бир марта - 2013 йили тилга олган.

Президент сайловида овоз беришининг сўнгги куни - 17 мартда россиялик сайловчилар Навальнийнинг Москвадаги қабрига унинг исми ёзилган бюллетенларни олиб боришган ҳамда унинг фамилиясини қўшимча ўлароқ бюллетенларга ёзишиб, сайлов қутиларига ташлаб келишган. Мухолифатчининг беваси Юлия Навальная ҳам худди шундай йўл тутган. У Россиянинг Берлиндаги элчихонасида жойлашган сайлов участкасида овоз берган.

Навальний шу йилнинг 16 февралида “Қутб бўриси” (“Полярний волк”) колониясида жон таслим қилган. Унинг ўлим хулосасида сиёсатчи табиий сабаблардан ўлгани айтилган. Мухолифатчининг тарафдорлари уни ўлдирилган, деб ҳисоблайдилар.