Путин рус ва украин халқларининг бирлиги ҳақида мақола ёзди

Россия президенти Владимир Путин

Владимир Путин рус ва украин халқларининг бирлиги ҳақида мақола ёзди. Мақола 12 июль куни Кремлнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Россия раҳбари мақолани яқинда “Тўғридан-тўғри мулоқот” чоғида қисқа баён қилган ўз муносабатини батафсил ифодалаш мақсадида ёзганини билдирган: ўшанда Путин Россия-Украина алоқаларига доир саволга жавоб бераркан, руслар ва украинлар битта халқлигини айтган эди.

Мақоланинг катта қисмида Россия президенти ўз фикрини асослаш учун тарихга, кўп ҳолларда мактаб ўқув дастуридаги манбаларга, масалан, “Ўткинчи йиллар ҳикоялари”га мурожаат қилган.

Путин илгари бир неча бор айтган гапларини яна бир карра такрорлаб, ўтган мингйиллик ўрталарида “Украина” сўзи “окраина” (чет, чекка) маъносида қўлланганини, Киев, Днепрнинг сўл қирғоғи, Полтавшчина, Черниговшчина ва Запорожье аҳолиси ўзини рус православ халқининг бир қисми деб ҳисоблагани ва бу ерлар “Малороссия” деб аталгани, Усмонийлар империяси билан урушдан сўнг Россия таркибига Қрим ва Қора денгиз бўйи ерлари қўшилиб “Новороссия” номини олганини қайд этган.

Янги тарихда Украинанинг Москва таъсир доирасидан чиқишга уринишини Путин, ўз мулоҳазасича, “ҳамиша бирлигимизга рахна солишга интилган” Ғарбнинг ташқи босимлари билан боғлаган.

Мақолада Путин бугунги Украина “ажнабийлар бошқаруви”га батамом таслим этилгани, оқибатда “Европанинг энг қашшоқ мамлакатига” айлангани ва унда русийзабон аҳоли “мажбурий ассимиляция” қилинаётганини урғулаган.