Путин Украинадан Қрим аннексиясини тан олиш ва қуролсизланишни талаб қилмоқда

Россия президенти Владимир Путин 22 февраль куни Москвадаги матбуот анжуманида қилган чиқишида Украина билан Россия ўртасидаги можаро “узоқ муддат ичида ҳал бўлиши” учун Киев Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинганини тан олиши, НАТОга қўшилишдан бош тортиши ҳамда қуролсизланиши лозимлигини билдирди.

Путин Россия “ДХР” ва “ЛХР” Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари чегарасида тан олганини қайд этди. Мазкур вилоятларнинг катта қисми ҳозирда айирмачиларнинг эмас, балки Украина расмийлари назорати остидадир.

“Биз уларни тан олдик, бу уларнинг барча фундаментал ҳужжатларини, жумладан Конституциясини ҳам тан олганимизни англатади. Конституцияда эса чегаралар Донецк ва Луганск вилоятлари доирасида экани (ўша пайтда улар Украина таркибида эди) кўрсатилган. Аммо биз мунозарали масалаларнинг барчаси Киев расмийлари ва республикалар раҳбарияти ўртасидаги музокаралар чоғида ҳал бўлишига умид қиляпмиз”, деган Россия президенти.

Путинга кўра, Россия “ДХР” ва “ЛХР” мустақиллигини тан олгани учун Минск шартномалари бошқа амалда бўлмайди. “Россия қўшинлари Украина ичига қанчалик кириши мумкин?” деган саволга Путин: “Биринчидан, мен қўшинлар тўғридан-тўғри у ёққа киради, деганим йўқ. Иккинчидан, конкрет ҳарбий ҳаракатлар йўсинини башорат қилишнинг умуман имкони йўқ. Бу воқеа жойида юзага келган конкрет вазиятдан келиб чиқади”, деган Россия президенти.

Парламент юқори палатаси (Федерация кенгаши) 22 февраль куни Донбассдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Путинга Россия армиясидан хорижда фойдаланишга рухсат берган эди.

21 февраль куни Путин аввалига “ДХР” ва “ЛХР” мустақиллиги Россия томонидан тан олинганини эълон қилган, кейин эса Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар назорати остида бўлган ҳудудларга Россия қўшинлари киритилишини билдирган. У россиялик ҳарбийларга “ДХР” ва “ЛХР” ҳудудида “тинчликни сақлаш вазифаси”ни бажаришни топширган.