Москвага 20 март куни Хитой раиси ва ҳукумрон Коммунистик партия лидери Си Циньпин келиши кутилмоқда. Бу Хитой раҳбарининг Украинада уруш бошланганидан бери Россияга қиладиган илк ташрифи бўлади.
Ташриф арафасида Россия президенти Владимир Путин Хитойнинг "Жэньминь жибао" газетасида “Россия ва Хитой – келажакка қаратилган ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Мақола матни Кремль сайтида рус тилида эълон қилинди.
Мақолада Путин Москвада бўладиган учрашувдан “жуда кўп нарсаларни умид қилаётгани”ни таъкидлади. “Бу мен учун меҳрибон қадрдон дўстим билан яна бир бор учрашиш учун ажойиб имконият ҳамдир”, деб ёзган Путин “биз учун ҳақиқий дўст ҳудди туғишган ака-укадай гап” деб қайд этади.
Путин бугунги кундаги Россия ва Хитой муносабатлари “совуқ уруш давридаги ҳарбий-сиёсий иттифоқлардан ҳам мустаҳкамлиги”ни, Москва ва Пекин “изчиллик билан адолатлироқ кўп қутбли дунёни шакллантириш учун” ҳаракат қилаётганини ҳам таъкидлаган.
Россиянинг Новости агентлиги ва “Российская газета” ўз навбатида Си Циньпиннинг мақоласини эълон қилди. Мақолада “Хитой ва Россия умуминсоний қадриятларни ривожлантирмоқда ва янги типдаги халқаро муносабатларни ҳамда ягона инсоний тақдирга бирлашган ҳамжамият шакллантирилишини қўлламоқда”, дейилади.
Си Циньпин мақоласида Украинадаги урушни “Украина инқирози” деб айтаган. Хитой раҳбари Украина масаласини ҳал қилиш учун “тинч йўл билан амалга ошириладиган барча ҳаракатларни қўллашини” билдирган.
Хитой раҳбарининг Москвага келиши тўғрисида 17 март куни расман билдирилган. У Москвада 22 мартгача бўлади. Расман билдирилишича, музокараларда мамлакатлар ўртасидаги “ҳарбий техник ҳамкорлик” ва “Украинадаги инқироз” муҳокама этилиши кутилмоқда.
Путин Хитой раҳбаридан “кўп нарса умид қилаётгани”ни билдирди
Хитой раҳбарининг Москвага келиши тўғрисида 17 март куни расман билдирилган. У Москвада 22 мартгача бўлади.