Путинга Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларига бориш тақиқлаб қўйилди

Россия президенти Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путинга Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларига бориш тақиқланди. Бунга оид қарор Спорт арбитраж суди (CAS) томонидан 17 декабрь куни қабул қилинган.

Мазкур тақиқ президентдан ташқари Россия ҳукуматининг барча аъзолари – бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда Давлат думаси депутатларига ҳам тегишли. Шунингдек, Россиядаги давлат ташкилотлари раҳбарлари ва ўринбосарлари, президент администрацияси хизматчилари ва Тергов қўмитаси ходимларига ҳам халқаро мусобақаларга бориш тақиқланган.

Аввалроқ Спорт арбитраж суди россиялик спортчиларга икки йил мобайнида, яъни 2022 йил 16 декабригача миллий байроқлари остида чиқиш қилишни тақиқлаб қўйганди. Бу қарорни CAS Жаҳон ва Россия аксилдопинг агентликлари ўртасида юзага келган баҳс доирасида қабул қилганди.

WADA ижроия қўмитаси россиялик спортчиларни йирик халқаро мусобақалардан тўрт йил муддатга четлатишни тавсия қилган.

Бундан ташқари, Россия икки йилга жаҳон чемпионатлари ва Олимпиадалар ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Тақиқ қитъа мусобақаларига тегишли эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, 2021 йил ёзида Россияда Евро ўйинлари, 2022 йили эса Чемпионлар лигаси финал ўйинлари бўлиб ўтишини айтиш мумкин.