Кремль Путин номидан радио орқали қилинган мурожаат фейк эканини билдирди

Мурожаатда Россияда оммавий мобилизация эълон қилингани айтилади.

Россиянинг Ростов, Воронеж ва Белгород вилоятларида 5 июнь куни эрталаб қатор радиолар эфирида Владимир Путин номидан қилинган мурожаатни Кремль фейк деб атади.

Мурожаатда Россияда оммавий мобилизация эълон қилингани айтилади. Бу маълумот ижтимоий тармоқларда ҳам тарқатилди.

Радиоларда овози ва интонацияси Путинга ўхшаган диктор “Украина армияси Вашингтоннинг қўллови ортидан НАТО бўлинмаси билан бирга Россияга бостириб киргани” ни айтган ва аҳолини эвакуацияга чақирган.

Маҳаллий ҳокимиятлар бу мурожаат фейк эканини ва вазият назорат остида эканини билдирди. Бу мурожаат эфирда қандай пайдо бўлгани ҳозирча номаълум.

Кремаль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Путин мурожаат қилмаганини расман маълум қилди. Бу воқеа учун ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.