Қашқадарёда фарзандларини ўлдириш билан таҳдид қилган ота ҳибсга олинди

Қашқадарёда вояга етмаган икки фарзандини ўлдириш билан қўрқитиб, ҳақоратлаб, тазйиқ ўтказиб келган фуқаро А.Р. қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида ота балоғатга етмаган икки ўғлини уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, уларга ўлим билан таҳдид қилаётгани акс этган видео тарқалганди.

Қайд этилишича, 21 январь куни Қашқадарё вилоят прокурори Э.Тожиев бу икки болакайни бувиси ҳамроҳлигида вилоят прокуратурасига таклиф қилиб, мутасадди ташкилот вакиллари иштирокида улар билан суҳбат ўтказган. Суҳбат асносида болалар отаси томонидан муттасил қийнаб, уриб, ҳақоратлаб келингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Р. қамоққа олинди”, дейилган хабарномада.

Вилоят прокуратураси масъуллари вояга етмаган шахслар ижтимоий ҳимояга олиниб, тергов ҳаракатлари юзасидан назорат ўрнатилганини қўшимча қилганлар.