Қашқадарёдаги “заправка”да ёнғин рўй берди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилояти Касби тумани Дўстлик МФЙ ҳудудидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида 10 март куни ёнғин содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, шохобча ҳудудидаги иккита 9 тоннали сиғим ёнган.

Тўртта ёнғин қутқарув бўлинмаси воқеа жойига соат 22:04 да етиб бориб, ярим соат ичида ёнғинни тўлиқ ўчиргани билдирилган.

“Ёнғин оқибатида 2 нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши. Ёнғин сабаби ва зарарига аниқлик киритилмоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Жорий йил 20 февраль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлашда ҳам икки киши жароҳатланганди.

2024 йил 17 декабрь куни Фарғона шаҳридаги пропан газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш эса инсоний талафотларга олиб келган эди.