Қирғизистон Афғонистондаги этник қирғизларнинг хавфсиз яшаши масаласида толиблар билан келишди

Помирда яшовчи этник қирғиз аёл (иллюстратив сурат)

Қирғизистон 13 октябрь куни Афғонистоннинг Катта ва Кичик Помирида яшаётган этник қирғизларга навбатдаги гуманитар ёрдам партиясини етказиб берди.

Қирғизистон ТИВ хабарномасига мувофиқ, 95 тонна бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари мамлакатнинг Кобулдаги элчихонаси орқали етказилган. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, мазкур ёрдам Афғонистондаги этник қирғизларга кўмаклашиш давлат дастури доирасида кўрсатилмоқда.

ТИВ хабарномасида томонлар “Афғонистондаги этник қирғизларнинг хавфсиз яшаши ва мамлакат ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиши масаласида келишувга эришган”и қайд этилган.

Помир қирғизлари 1575 йилдан 1930 йилгача бўлган даврда Афғонистонга кўчиб бориб, ўша ерда яшаб қолган қирғизларнинг авлодларидир. Улар Катта ва Кичик Помир ҳудудида, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларисиз, оғир шароитда турмуш кечиришади. 2003 йилда улар сони 5 минг нафарга етганди, бироқ ҳозирда улар тахминан 1,5-2 минг кишини ташкил этади.

2019 йил охирида Қирғизистоннинг Олой туманидаги Сари Мўғул қишлоғига Афғонистондан 50 жондан иборат 11 оила келиб ўрнашган. 2017 йилда эса Норинга 50 киши кўчиб келган. Кейинроқ уларнинг айримлари Афғонистонга жўнаб кетган ва қайтмаган. 2021 йил баҳорида президент Садир Жапаров Афғонистонда қолган барча этник қирғизларни мамлакатга кўчириб келмоқчи эканини маълум қилган.