Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида отишма содир бўлди

Иллюстратив сурат

Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида 14 сентябрь тонгида отишма содир бўлган. Дастлабки маълумотга кўра, ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланган эмас. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон МХДҚ Чегара хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қирғизистон томони қайдича, Боткен вилоятининг Боткен тумани Булоқбоши деган жойида қирғизистонлик чегарачилар наряди чегаранинг аниқланмаган участкасида “жанговар позиция”ни эгаллаган Тожикистон чегара нарядига дуч келган.

Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, тожикистонлик чегарачилар ҳудудни тарк этиш талабини эътиборсиз қолдиришиб, ўт очишган. Бунга жавобан қирғизистонлик чегарачилар ҳам қуролларни ишга солганлар.

Қирғиз чегарачилари иддаосича, отишма чоғида Тожикистон томони миномётларни ишга солган. Ҳозиргача олинган маълумотга кўра, отишма пайтида Қирғизистон томонидан ҳеч ким жабрланган эмас.

Тожикистон Чегара хизмати ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Томонлар учрашув ўтказиб, чегарадаги вазиятни муҳокама қилишни режаламоқдалар.

Бу мазкур ҳудудда сўнгги бир неча ой ичида рўй берган учинчи отишмадир. Қирғиз-тожик чегарасининг бу участкасида бу каби нохуш ҳодисалар 3 июнь ва 14 июнь кунлари ҳам кузатилган эди. Биринчисида қирғизистонлик икки ҳарбий яралангани, иккинчисида эса тожикистонлик бир ҳарбий яралангани хабар қилинган.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара 970 километрга узанган бўлиб, унинг 519 километри аниқланган, қолган қисми эса шу кунгача аниқланмай қолмоқда. Аниқланмаган ҳудудда бир неча баҳсли участка мавжуд.