Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси олти ойга буғдой ва ун экспортига тақиқ жорий қилди. Бунга оид қарор ҳукумат сайти орқали ёйинланган.
Қайд этилишича, мазкур қарор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бу маҳсулотларнинг бозор нархларини барқарорлаштириш мақсадида қабул қилинган.
Сўнгги пайтларда Қирғизистонда хориждан келтирилган ун нархи сезиларли даражада ошган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг етти ойи ичида импорт ун баҳоси икки баравар ошган. Бунинг ортидан бозор ва дўконларда Қирғизистонда ишлаб чиқарилган ун нархи ҳам оша бошлаган.
Қозоғистон уни нархининг ошишини ҳукумат вакиллари қўшни мамлакатдан етказиб берилаётган ун ҳажми камайгани билан изоҳлашган. Озодлик қирғиз хизмати хабарига кўра, Қозоғистондан сотиб олинаётган бир қоп ун нархи ўртача 1000 сўмга (11 АҚШ долларидан кўпроқ) ошган.
20 сентябрь куни Қирғизистон ҳукумати озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида йиғилиш ўтказган. Ўшанда мамлакатда буғдой танқислиги кузатилмаётгани, Қозоғистон уни эса темир йўлдаги мавсумий тиқилинч сабабли қимматлаётгани билдирилган.
Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, Қирғизистонга буғдойнинг 90 фоиздан кўпроғи Қозоғистон ва Россиядан келади.