Қирғизистон чартер рейсда Душанбедан учиб келган Тожикистон фуқароларини ортига қайтарди

Бишкек аэропортидаги тожикистонлик йўловчилар

Қирғизистон чегарачилари Душанбедан келган тожикистонликларни мамлакатга киритишдан бош тортди. Улар Бишкекдаги “Манас” аэропортида бир неча соат тутиб турилгач, учоқда ортга қайтариб юборилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига аэропорт матбуот хизмати маълум қилган.

Айтилишича, 25 май куни “Манас” аэропортига Тожикистоннинг “Сомон Эйр” авиаширкатига оид чартер рейс қўнган. Учоқ бортида Тожикистоннинг 177 нафар фуқароси ва ўзга давлатларнинг 9 нафар фуқароси бўлган. Қирғизистон Чегара хизматининг чекловлари муносабати билан тожикистонликларни мамлакатга киритиш рад этилган. Учинчи давлатлар фуқаролари рўйхатдан ўтиб, Бишкекда қолганлар. Тожикистон фуқаролари эса учоққа ўтқизилиб, Душанбега қайтариб юборилган.

Аввалроқ Озодликнинг тожик хизмати 300 нафарга яқин тожикистонлик “Манас” аэропортида қолиб кетгани ҳақида хабар қилганди. Аммо, аэропорт матбуот хизматига кўра, учоқ Бишкекка қўнганидан сўнг 2-3 соат ўтиб, ортга қайтган ва ҳозирда “Манас” аэропортида қолиб кетган тожикистонликлар йўқ.

Озодлик тожик хизматининг қайдича, Тожикистон расмийлари Қирғизистондан ўз чегараси тожикистонликлар учун ёпилгани тўғрисида расмий хабарнома олмагани, аксинча, Қирғизистон фуқаро авиацияси мутасаддилари Бишкекка парвоз қилишга рухсат беришганини иддао қилмоқда.

Тожикистоннинг Бишкекдаги консули Абубакр Шоев Қирғизистон ҳукумати билан музокара олиб бориш орқали муаммони ҳал қилишга урингани, бироқ унга “Сомон Эйр” учоғи Тожикистонга қайтиши зарурлигини айтишганини билдирган. Дипломатга кўра, тожик расмийлари вазиятдан хабардор ва қирғиз расмийлари билан музокара олиб бормоқда.

Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов 24 май куни “яқинда муаммоли масалалар ҳал этилгунга қадар Тожикистон Республикаси давлат чегаралари орқали ҳаракатни бутунлай тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилингани”ни билдирган эди.

Эртасига Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати чекловлар вақтинча экани, улар эпидемиологик вазият билан боғлиқ равишда 2020 йил баҳоридаёқ жорий этилганини қайд этган.

Чекловлар Тожикистон фуқароларининг Қирғизистон Республикаси ҳудудига кириши, ундан чиқиб кетиши, Қирғизистон ҳудуди орқали ҳаракатланиши ва транзит ўтишига нисбатан татбиқ этилган, шунингдек икки давлат чегарасидаги ўтказиш масканларида Тожикистонга товарлар ва транспорт воситаларини ўтказиб юбориш ва у ёқдан келувчиларни қабул қилиш ҳам чекланган.

Шу йилнинг 28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида қуролли можаро юз бериб, оқибатда 154 киши жабрланган, 36 киши, жумладан икки бола нобуд бўлган. Тожикистон расмийлари ўз тарафидан 19 киши қурбон бўлиб, 87 нафар киши яраланганини расман эълон қилган.

Икки мамлакат ҳам можарода қарши томонни айблаган, Қирғизистон ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бир-бирларининг фуқароларига қарши оғир моддалар бўйича жиноят ишлари очишган.