Қирғизистон жанубидаги конда содир бўлган ҳалокатда 20 яшар йигит нобуд бўлди

Сулуктадаги конлардан бири

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида шахта қулаши оқибатида 8 июнь куни 2001 йилда туғилган йигит ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Қирғизистон ФВВ матбуот маркази маълумотига кўра, ҳодиса жойига қутқарувчи вафот этган йигитнинг жасадини вайроналар орасидан чиқариб олган ҳамда жароҳатланган 35 ёшли эркакни қутқарган. Унинг аҳволи ўртача оғирликда экани айтилмоқда.

Боткен вилоятида йилига 300 тоннадан зиёд кўмир қазиб олинади. Бироқ техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги ҳамда малакали мутахассислар етишмаслиги туфайли тез-тез ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб туради.