Қирғизистон: МСК мамлакат бўйлаб 13 та участкадаги сайлов бюллетенларини қайта санаб чиқади

Бишкекдаги участка сайлов комиссияларидан бирининг аъзолари бюллетенларни санашмоқда, 2021 йил 28 ноябри

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 9 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатдаги айрим сайлов участкаларида сайловчилар томонидан берилган овозни қайта санаб чиқишга қарор қилди.

МСК қарорига мувофиқ, бюллетенлар 13 та участкада (Ўш вилоятида 5 та, Жалолобод вилоятида 3 та, Талас вилоятида 2 та, Чуй, Норин ва Иссиқкўл вилоятларида эса биттадан) қайта саналади

Овозларни қайта санаш икки кун мобайнида – 10-11 декабрь кунлари амалга оширилади. Мазкур жараёнда партиялар вакиллари ва кузатувчилари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Аввалроқ 8 та партия 600 та сайлов участкасида овоз бериш натижаларини қўлда қайта санаш тўғрисида ариза топширганлари ҳақида хабар қилинган, бироқ 7 декабрь куни МСК сайтида қўлда саналган бюллетенларга оид баённомаларнинг ҳаммаси эълон қилингани ортидан партияларнинг аксарияти ўз аризаларини қайтариб олишган.

Қирғизистонда парламент сайлови шу йилнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган. Унда сайловчилар нафақат партияларга, балки унинг рўйхатидаги муайян номзодга ҳам овоз бериши мумкин бўлган. Жўғўрқу Кенешнинг 90 бўлғуси депутатидан 54 нафари шу тариқа сайланган, қолган 36 депутат мамлакатнинг бир мандатли округларини тамсил этади.