Қирғизистон: Қорасув тумани ҳокими лавозимига 74 номзод даъвогарлик қилмоқда

Қорасув тумани ҳокими вакансиясига 74 та ариза тушган, Новқат тумани ҳокими лавозими учун эса 24 киши кураш олиб боради. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Давлат кадр хизмати директори Абдирахман Маматалиев маълум қилган.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятига қарашли Қорасув тумани мамлакатда энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган туман бўлиб ҳисобланади. Бу ерда, 2020 йил бошидаги ҳисоб-китобларга кўра, 440 минг киши яшамоқда. Ўш вилоятига қарашли Новқат туманида эса 296 минг киши истиқомат қилади.

Маматалиевга кўра, ҳокимлик учун ҳужжат қабул қилиш якунига етган. Эндиликда даъвогарлар тестдан ўтказилади.

Қорасув туманининг аввалги ҳокими Тилек Матраимов 2020 йил октябрь ойидаги воқеалар чоиғад қирғиз-ўзбек чегарасидан ноқонуний равишда ўтаётган пайтда қўлга олинган. Кейинроқ у лавозимидан озод этилган.

Новқат туманининг аввалги ҳокими Бақитбек Марипов эса акаси Улукбек Марипов Қирғизистон бош вазири лавозимига тайинланганидан кейин истеъфога чиққанди.