Қирғизистон расмийлари 79 нафар болани Ироқдан ватанига қайтарди

Қизил ярим ой жамияти ходими Ироқдан Қирғизистонга қайтарилган болалардан бирини кўтариб турибди, 2021 йил 16 марти

“Мээрим” инсонпарварлик миссияси доирасида 79 нафар қирғизистонлик бола ватанига қайтарилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мамлакат Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Вазирлик қайдича, Ироқдан учган махсус учоқ 16 март куни Бишкекка етиб келган. Болаларни қутқаришга қаратилган инсонпарварлик миссияси давлат томонидан амалга оширилган илк репатриацион тадбир бўлиб ҳисобланади.

Хабарномада репатриацияни ташкил этишда БМТ Болалар жамғармасининг Бишкек ва Бағдоддаги ваколатхоналари ҳамда Қирғизистон Қизил ярим ой жамияти кўмаклашгани айтилган.

Қирғизистондан аввал Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон бир неча бор Сурия ва Ироқдан ўз фуқароларини олиб чиқиш тадбирини амалга оширганди.