Қирғизистон: Тўқтоғул сув омборида сув ҳажми 10 миллиард куб метрдан ҳам камайиб кетди

Тўқтоғул сув омбори

Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлайдиган Қирғизистондаги Тўқтоғул сув омборида сув ҳажми жорий йилнинг 11 январида 9,8 миллиард куб метрни ташкил этган.

Бу сўнгги йилларда мазкур санада кузатилган энг паст кўрсаткичдир. Ўтган йилнинг шу даврида омбордаги сув ҳажми 11,7 миллиард куб метрни, 2019 йили эса 14,5 миллиард куб метрни ташкил қилган эди.

2021 йили Тўқтоғул сув омборида сув сатҳи пасайиб кетгани туфайли Қирғизистон сўнгги йиллардаги энг катта энергетик инқирозга дуч келган.

Ноябрь ойи охирида энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев электр энергияси истеъмоли ошганини ҳисобга олган ҳолда сув омборидаги ҳажм 2022 йилнинг 1 апрелига бориб 7 миллиард куб метргача пасайиши мумкинлигини билдирган. Мутахассисларга кўра, бу “ўлик” ҳолатга яқин бўлиб, сув сатҳи бундан пастласа, Тўқтоғул ГЭСи ишламай қолиши мумкин.