Қирғизистонда айрим интернет-провайдерлар Kloop нашрини блокировка қилди

Kloop сайти логотипи

Қирғизистондаги баъзи интернет-провайдерлар Kloop.kg сайтига тўсиқ қўйишган. Бу ҳақда нашр сайти орқали маълум қилинган. Қайд этилишича, Маданият вазирлигининг Kloop.kg сайтини блокировка қилиш талабини “О!” мобил оператори ва Homeline провайдери бажарган.

Таҳририят вакиллари блокировкага қарамай, Маданият вазирлиги талабини бажариш ва материални ўчириб ташлаш ниятида эмаслигини билдиришган. Айни пайтда Kloop.kg материалларини сайт кўзгуси, нашрнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ёки VPN ёрдамида ўқиш мумкинлиги айтилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Kloop.kg сайтидан икки кун ичида “Сиёсатчи Равшан Жеенбеков 1-тергов ҳибсхонасида қийноққа тутилаётганини билдирди” сарлавҳали материалини икки кун ичида ўчириб ташлашни талаб қилган эди. Вазирлик онлайн нашр бу талабни бажаришдан бош тортган тақдирда "Kloop.kg сайти фаолиятини икки ойгача тўхтатиб қўйиш ҳақида” қарор қабул қилинишидан огоҳлантирган. Вазирлик мазкур материални “Ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган (ёлғон) маълумот тўғрисида”ги қонунга таянган ҳолда ўчириб ташлашни талаб қилган.

Kloop Media жамоатчилик фонди (Kloop.kg сайти) юристлари Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги устидан шикоят хати бериб, мақолада маълумот манбаси кўрсатилган ҳолда берилгани, “содир этилган жиноят ҳақидаги бирор-бир ҳолат юзасидан ўзбошимчалик билан иддао қилинмагани”ни қайд этишган. 11 сентябрь куни Маданият вазирлиги Kloop шикоятномасини рад этишган.

Аввалроқ Бишкек прокуратураси Kloop Media фондини тугатиш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган эди. Нашр вакиллари прокуратуранинг бу аризасини “Қирғизистонда сўз эркинлигига нисбатан мисли кўрилмаган босим” деб аташган. Мазкур иш бўйича илк суд мажлиси 26 сентябрга белгиланган. Маҳкама жараёни Бишкек шаҳрининг Свердлов туман судида ўтказилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Human Rights Watch (HRW) каби халқаро ташкилотлар ҳамда Қирғизистон медиаҳамжамияти Kloop Media’га қарши берилган даъво аризасини қайтариб олишга чақиришган. Шунингдек, бир қатор нуфузли халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари Европа Иттифоқини Қирғизистонда Kloop.kg’га босим ўтказилаётганига эътибор қаратишга чорлашган.