Қирғизистонда “Азаттиқ Медиа” ҳисобрақамлари ҳеч бир огоҳлантиришсиз музлатиб қўйилди

Қирғизистондаги DemirBank вакиллари 31 октябрь куни Озодликнинг қирғиз хизматига (Азаттиқ) Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан таҳририят ҳисобрақамларини музлатиб қўйиш талаби билан билдиришнома олганлари ҳақида билдиришган.

Айни пайтда “Азаттиқ Медиа” МХДҚдан бу борада ёзма равишда расмий билдиришнома олган эмас.

Ҳисобрақамлар музлатилгани ортидан Озодликнинг қирғиз хизмати изоҳ сўраб, DemirBank масъулларига хат йўллаган. Хатда қайд этилишича, Қирғизистоннинг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуни 58-моддаси 1-қисмига кўра ҳисобрақамларидаги маблағлар сарфланиши фақат суд томонидан тақиқланиши мумкин. Қонунга мувофиқ, ҳуқуқ-тартиботчиларнинг илтимоси, талаби ҳисобрақамлари бўйича операцияларнинг тўхтатиб қўйилиши учун асос бўлолмайди. Азаттиқ бу меъёр бузилган тақдирда, икки ўртада тузилган шартнома бўйича банк жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирган.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги 26 октябрь куни “Азаттиқ Медиа” сайтлари ишини икки ойга блокировка қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Вазирлик қайдича, мазкур қарор “Настояшчее Время” телеканали (Озод Европа/Озодлик радиоси ва “Америка овози”нинг қўшма лойиҳаси) лавҳасига жавобан қабул қилинган.

Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарияти бу қадамни Қирғизистонда эркин оммавий ахборот воситаларига босим ўлароқ баҳолаб, бу ҳолат демократияга путур етказишини урғулаган.