Қирғизистонда чегараолди ҳудудлари аҳолисига “алоҳида ҳолатлар”да қурол тарқатилиши мумкин

Қирғизистон парламенти чегараолди ҳудудларида яшайдиган шахсларга “алоҳида ҳолатлар”да қурол-аслаҳа тарқатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинишини ёқлаб депутатларнинг 63 нафари овоз берган, уч нафар депутат эса бунга қарши чиққан.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, шу кунгача ҳужжат муҳокамаси ёпиқ тартибда ўтказилган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Қирғизистонда ҳарбий сафарбарлик ва мобилизацион ҳозирлик, ҳарбий ва муқобил хизмат тўғрисидаги қонунларга ҳам ўзгартишлар киритилади.