Қирғизистонда Ўзбекистон кўмаги билан қурилган касалхона фойдаланишга топширилди

Қадамжойдаги юқумли касалликлар шифохонаси палаталаридан бири

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида Ўзбекистон кўмаги билан қурилган 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишга топширилган.

Касалхонанинг очилиш маросими, ССВ матбуот хизмати маълумотига кўра, 22 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов бошчилигидаги ўзбек делегацияси иштирокида бўлиб ўтган.

Маросимда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев юқумли касалликлар шифохонасининг қурилиши, унинг жиҳозланишида кўрсатилган амалий кўмак ва тақдим этилаётган гуманитар ёрдам учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирган. У пандемия даврида молиявий имкониятлар ҳамда даволаш муассасаларида шифо-ўринлари етишмаётган шундай мураккаб шароитда ўзбекистонликларнинг ушбу кўмаги юқори баҳоланишини қайд этган.

Қадамжойда Ўзбекистон томонидан молиялаштирилган шифохона қурилиши бошлангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди. Маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистон камида 7 марта Қирғизистонга гуманитар ёрдам кўрсатган.