Қирғизистондан Қозоғистонга ноқонуний йўл билан 30 тонна шакар олиб ўтмоқчи бўлган ҳайдовчи ушланди

Иллюстратив сурат

Қирғиз-қозоқ чегарасидаги “Чўнг-Қапқа” назорат-ўтказиш пунктида 25 июнь куни 30 тонна шакарни Қозоғистонга ноқонуний равишда олиб ўтиб кетмоқчи бўлган юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси ўтган ой охирида шакар экспортига вақтинча тақиқ жорий этган эди.

Чегара хизмати қайдича, 38 ёшли қозоғистонлик А. К. бошқарувидаги КамАЗ автомашинасини текширувдан ўтказиш чоғида юкхонадан мамлакатлар олиб чиқилиши маҳсулот топишган. Контрабанда моли селитрали қоплар ортига яшириб қўйилгани айтилмоқда. Юкка оид ҳужжатларда ҳайдовчи ўғит олиб кетаётгани қайд қилинган. Хабарномада ҳайдовчи ва юк текширувни давом эттириш учун “салоҳиятли идоралар ходимларига топширилган”и айтилган.

Қирғизистонда шу йил 1 июнидан эътиборан олти ойга мамлакатдан шакар экспорт қилишга тақиқ қўйилган. Ҳукумат мазкур тақиқни мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорда шакар нархини тутиб туриш истаги билан изоҳлаган.

Қирғизистонда шакарга бўлган талаб май ойи охирида кескин ошиб кетган, ўшанда савдогарлар мазкур маҳсулот Қозоғистонга олиб чиқиб кетилаётганини айтишган. Ўша пайтда мамлакатдаги йирик савдо тармоқлари шакарга белгиланган имтиёзли нархни кўтариб қўйишган.

Қозоғистон ҳам 23 майдан бошлаб шакар экспортини ярим йилга тақиқлаб қўйган.