Қизил Ярим ой: Ливияда тўлқин соҳилга чиқариб ташлаган 27 нафар мигрантнинг жасади топилди

Қизил Ярим ой жамияти ходимлари чўкиб ўлган кишининг жасадини сувдан чиқариб олишмоқда (архив сурати)

Европага бориш учун Ўртаер денгизини кесиб ўтаётиб сувга чўкиб ўлган 27 нафар мигрантнинг жасадларини Ливия ғарбида тўлқин қирғоққа чиқариб ташлади, дея маълум қилди Қизил Ярим ой жамияти 26 декабрь куни.

Жасадлар 25 декабрь оқшомида денгиз бўйида жойлашган Хом шаҳрининг икки мавзесидан топилган. Яна уч мигрант қутқариб қолинган, қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда, дейилган ташкилот хабарномасида.

Ҳалок бўлган мигрантлар яқинда Ливия соҳиллари яқинида юз берган кемалар ҳалокати натижасида чўкиб кетган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Қарийб 10 йилдан бери можароларга саҳна бўлиб келган ва қонунсизлик авж олган бу мамлакат Африка ва Яқин Шарқ давлатларидан келган мигрантлар Ўртаер денгизи орқали Европага жўнатиладиган асосий манзил ҳисобланади.

Контрабандачилар мигрантларни яхши жиҳозланмаган резина қайиқларда ташийдилар, кўпинча қайиқларга ҳаддан ортиқ одам олинади.

БМТ Қочқинлар ишлари бўйича агентлиги маълумотига кўра, жорий йилда Ўртаер денгизи марказий йўналишида кўплаб қайиқлар тўнтарилиб кетиши ёки сувга ботиши оқибатида қарийб 1500 нафар мигрант чўкиб ўлган.