Қизилмия илдизи илинжида Ўзбекистон ҳудудига ўтган 24 нафар афғонистонлик ушланди

Ўзбекистон-Афғонистон чегараси

Жорий йилнинг 21 август куни Сурхондарё вилояти ҳудудига кирувчи “Пайғамбар” оролида давлат чегарасини қонунга хилоф равишда бузиб ўтган ва орол қирғоғига қайиқларда келган бир гуруҳ афғонистонликлар кузатилган. Улар мазкур жойга келган ўзбекистонлик чегарачиларга қаршилик кўрсатишган.

ДХХ Чегара қўшинлари маълумотига кўра, 24 нафар шахс ўтказилган махсус тадбир ортидан қўлга олинган. Тадбир чегара бузувчилар шахсига аниқлик киритиш ва тергов ҳаракатларини олиб бориш мақсадида ўтказилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик чегарачиларга кўра, сўроқ чоғида афғонистонликлар қўшни мамлакат ҳудудига чегара ҳудудларида кенг тарқалган қизилмия илдизини териш мақсадида ўтишганини айтишган.

“Ҳозирги вақтда “Пайғамбар” ороли ҳудуди Ўзбекистон Чегара қўшинлари бўлинмаларининг тўлиқ назорати остида”, дейилган Чегара қўшинлари хабарномасида қўлга олинган афғонистонликларнинг кейинги тақдирига аниқлик киритилган эмас.

Айни пайтда чегара бузувчилар Афғонистонга депортация қилинадими ёки Ўзбекистонда суд қилинадими - бу саволлар ҳам очиқ қолмоқда.