Қорачой-Черкесияда ФХХ биноси олдида иккита портлаш содир бўлди

Россия Федерацияси таркибига кирувчи Қорачой-Черкес республикасида 11 декабрь куни Федерал хавфсизлик хизматининг минтақавий бошқармаси биноси ёнида иккита портлаш содир бўлган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги ҳамда “База” нашри хабар тарқатди.

Дастлабки маълумотларга кўра, портлашлар натижасида махсус хизматнинг олти нафар ходими жабрланган. Улар орасида махсус хизмат ходимлари ва ўткинчилар бор. Ҳодиса чоғида бир одам ўлган, унинг ҳужумни амалга оширган худкуш экани айтилмоқда.

“Интерфакс” маълумотига кўра, илк портлаш жума тонгида Учкекен посёлкасида содир бўлган. У ерда кичикроқ бомба портлаган, бироқ ҳеч ким жабрланган эмас. ФХХ ходимлари ҳодиса жойида иш олиб бораётган пайтда эса иккинчи портлаш рўй берган – уни ҳодиса жойига бориб тўхтаган машинадан югуриб тушган худкуш амалга оширган.

Ҳозирда воқеа жойида тезкор-тергов хизмати ходимлари иш олиб боряпти. “Интерфакс” манбаси худкуш “экстремистик гуруҳлар қарашларига хайрихоҳ бўлган”и ва портлаш олдидан “Оллоҳу акбар” деб ҳайқирганини айтган.