Қозоғистон Афғонистондаги қозоқ диаспорасини тарихий ватанига кўчириб келмоқчи

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев

Қозоғистон Афғонистондан қозоқ диаспораси вакилларини қайтариш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев 8 сентябрь куни хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросимида маълум қилган.

“Қозоғистон жорий муаммоларга ечим топиш мақсадида хорижий ҳамкорлари билан бирликда ҳаракат қилмоқда. Энг аввало биз ўз ватандошларимизни кўчириб келдик. Эндиликда Афғонистондан қозоқ диаспораси вакиллари – қондошларни қайтариш имкониятларини кўриб чиқяпмиз”, деган Тоқаев.

Толиблар иқтидорга келганидан сўнг Афғонистоннинг турли вилоятларида истиқомат қилувчи қозоқ миллатига мансуб аҳоли Нур-Султонга мурожаат қилиб, уларни Қозоғистонга кўчириб кетишни илтимос қилган.

Шу ҳафта бошида Кобулда ўзларини афғон қозоқлари деб таништирган бир гуруҳ одам Қозоғистон консуллиги қабулига кира олмаётганидан шикоят қилган эди. Ундан аввалроқ эса Саманган вилоятида яшовчи бир неча оила Афғонистондан кўчириб кетишларини сўраб, Қозоғистон расмийларига мурожаат қилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги афғон қозоқларини уларнинг тарихий ватанларига репатриация қилиш ҳақидаги илтимослар кўриб чиқилишини, аммо бу масала тезда ҳал бўлмаслигини билдирган.

Расмий маълумотларга кўра, Афғонистонда тахминан 200 нафар этник қозоқ яшайди. Бироқ Афғонистондаги диаспора вакиллари мамлакатда қозоқлар сони бундан анча кўплигини айтишмоқда.