Қозоғистон чегарада Россиянинг юк машиналарини тутиб қолмоқда

Қозоғистон-Россия чегараси (архив сурати)

Европа Иттифоқидан бошқа мамлакатларга транзит юк ташийдиган Россия юк автомобиллари Қозоғистонда муаммоларга дуч келмоқда. Сўнгги пайтларда бу мамлакатда камида саккизта автопоезд тутиб қолинган ва ҳайдовчилардан барча ҳужжатлари олиб қўйилган, дея хабар қилди “Известия” нашри.

Қайд этилишича, Қозоғистон расмийлари ҳайдовчилардан аввалги юк ташувчидан олинган рухсатномани талаб қиляпти, бироқ улар ҳалигача бу каби ҳужжатни беришмаган. Натижада машиналар тураргоҳларда қолиб кетяпти ва уларга бир неча минг евро миқдорида жарима солиниши мумкин. Россия Қозоғистондан юк машиналари ўтказиб юборишни сўраяпти.

Бу Россия юк ташувчиларининг Қозоғистонда биринчи марта муаммога дуч келиши эмас. Аввалроқ Европа Иттифоқи Украинадаги уруш туфайли Россияга нисбатан санкция жорий қилиб, Россия ширкатларига ЕИга киришни ман қилиб қўйган пайтда РФ ҳам худди шундай жавоб қайтарган. Қозоғистон эса ЕИдан келаётган юкларни Европа юк машиналари ташишини талаб қилган. Ўшанда бу муаммони ҳал қилишга эришилган ва Қозоғистон ўз ҳудуди орқали Европа молларини ташиётган Россия фураларини ўтказа бошлаган эди.