Қозоғистон: Энергетика вазирлиги аҳолига “АЭСлар хавфсиз”эканини тушунтирмоқчи

Иллюстратив сурат

Қозоғистон энергетика вазири Бўлат Ақчулақов 14 февралдаги брифингда мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш салоҳияти ҳақида гапириб, “АЭСлар хавфсиз” эканини тушунтириш бўйича аҳоли ўртасида иш олиб бориш режаларини очиқлади.

“Биз аҳоли билан ишлаймиз, АЭС нимаси билан хавфсиз эканини тушунтирамиз. Мамлакатнинг, бошқа тармоқларга зарар етмаган ҳолда электр энергияси билан тўла-тўкис таъминлангани ҳар доим яхши”, деган Ақчулақов.

Унинг айтишича, жанубий ҳудудлардаги барча электр станциялари газда ишлайди ва газ танқислиги вужудга келиши эҳтимоли мавжуд.

“Келгусида электр энергиясига талаб ортишини, жаҳон экология талабларига биноан электр станцияларида кўмир ёқиш камайтирилишини, ишлаб чиқариш қувватлари эскиришини, шунингдек Қозоғистонда атом энергетикасини ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олганда АЭС қурилиши энг истиқболли ечим бўлиб кўринади”, деган энергетика вазири.

Мулозимга кўра, яшил энергетика “қимматга тушади”, “унга ҳамиша қуёш ва шамол керак”, шу боис “атом электр станциясини қуриш масаласи билан шуғулланиш лозим”. Вазир 2035 йилгача мамлакат сарфланадиган электр энергиясининг қарийб олти фоизини атом энергетикаси орқали олиши мумкинлигини қайд этган.

Энергетика вазирининг ушбу чиқишидан бир ҳафта олдин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистонга “тоза атом электр энергияси сув билан ҳаводай зарур”лигини айтган эди.

Кейинроқ Қозоғистон энергетика вазирлиги ва “Росатом” “Қозоғистонда атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлаш”га оид меморандум имзолаган.

АЭС Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғи яқинида қурилиши тахмин қилинмоқда.

Энергетика соҳасидаги халқаро маслаҳатчилар ва қатор маҳаллий экспертлар АЭСни “глобал иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳаддан зиёд қиммат, суст ва самарасиз” деб баҳолашган.