Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 15 суткалик маъмурий жазога ҳукм қилинган мухолифатчи фаол Айдар Мубараков ҳибсхонада очлик эълон қилди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати фаол Арман Иманжанов маълум қилган.
Иманжановнинг айтишича, 8 декабрь куни фаоллар полиция департаменти биносига боришиб, Мубараковга озиқ-овқат киритишмоқчи бўлганлар, бироқ бу ишни амалга оширолмаганлар.
“Қабулхонада бизга унинг очлик қилаётгани ва биз олиб келган озиқ-овқатлар “қабул қилиниши эҳтимоли кам”лигини айтишди. Биз “ҳеч бўлмаганда, идишдаги сувни киритсак бўладими?” деб сўрадик, бироқ бизга унинг сув ичишдан ҳам бош тортаётганини айтишди”, деган фаол.
Олмаота шаҳар полиция департаменти ходими 9 декабрь тонгида Озодликнинг қозоқ хизматига Айдар Мубараков очлик эълон қилгани ва ҳеч нарса тановул қилмаётганини тасдиқлаган. Полициячига кўра, Мубараков 6 декабрдан бери очлик қиляпти. “Сув ичяпти. Аҳволи барқарор”, деган полиция департаменти вакили.
Фаолнинг қандай талабларни олға сураётгани ҳозирча маълум эмас.
Жорий йилнинг 5 декабрь куни Олмаотадаги маъмурий суд Айдар Мубараковни тинч йиғилиш ўтказиш тартибини бузганликда айблаб, унга нисбатан 15 суткалик қамоқ жазоси тайин қилган. Суд ҳукмига мувофиқ, унга 27 ноябрь куни Олмаотадаги Фанлар академияси биноси олдида ўтказилган “ноқонуний митинг”да иштирок этганлик айби қўйилган.
Маҳаллий ҳуқуқбонлардан олинган маълумотларга кўра, Қозоғистонда Мустақиллик куни (16 декабрь) ва Жанаўзен воқеаларининг 10 йиллиги арафасида мамлакатнинг турли минтақаларидаги фаоллар полиция таъқибига дучор бўлишмоқда. 7 декабрь куни Чимкентда суд 39 ёшли маҳаллий фаол Ерлан Файзуллаевни тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузганлик айблови билан 15 суткага ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарган.