Қозоғистон президентининг гербни ўзгартиришга оид таклифи норозиликлар билан қарши олинмоқда

Қозоғистон герби

Тарих фанлари доктори, профессор Каржаубай Сарткожаули Қозоғистон президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакат гербини алмаштириш тўғрисидаги таклифига қарши чиқмоқда. Профессорга кўра, Қозоғистонда бундан бошқа ҳам муаммо кўп.

“Биз энди-энди мустамлакадан қутуляпмиз ва агар тутуриқсиз ишлар қилсак, бу ақлсизлик бўлади. Келинг, бунга соғлом ақл нуқтаи назаридан қараб кўрамиз. Бу гербда шанирақ (ўтов энг устки жойига қўйиладиган Х тарзида кесишган ёғочлари бўлган айлана - таҳр.), кереге (кигиз ўтов учун қовурға вазифасини бажарувчи катакли ёғоч девор - таҳр.), желбау (ўтов тиклашда фойдаланиладиган жун тасма - таҳр.), мамлакат номидан бошлаб барча миллий рамзларимиз жамланган – бу ерда скиф, сак давридан бошлаб барча қадриятларимиз ва анъаналаримиз мужассам”, деган у Озодликнинг қозоқ хизматига берган изоҳида.

Президент Тоқаев 15 март куни Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултой мажлисида гербни ўзгартириш таклифи билан чиққанди. У ўз таклифига “ёшлар дохил бефарқ бўлмаган фуқаролар ва ўз касби усталарининг жўяли важлари”ни асос ўлароқ келтирган ҳамда уларнинг Қозоғистон герби идрок қилиш учун ўта мураккаблиги, унда “эклектика ва совет даври аломатлари мавжуд”лигини иддао қилишаётганини айтган.

Гербни алмаштириш тўғрисидаги таклиф ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларни юзага келтирган. Бу таклиф Атирауга қўшни бўлган Манғистау вилояти Жетибай қишлоғи нефтчилари томонидан ҳам танқидга учраган. Уч ой олдин меҳнат шароитини яхшилаш талаби билан иш ташлаш эълон қилган нефтчиларнинг бу борадаги танқидий фикри акс этган видеони мухолифатдаги “БАСЕ” telegram-канали ёйинлаган.

Февраль ойида ҳукуматпараст “Янги одамлар” (“Жана адамдар”) ҳаракати аъзолари мамлакат герби ҳақида сўров ўтказишганини маълум қилишган. Тадқиқотда Остона ва Олмаотадан турли ёшдаги 500 дан зиёд киши иштирок этган. Ҳаракат видеоси остида мазкур таклиф танқид қилинган кўплаб изоҳ пайдо бўлган.

Бюджет маблағлари харжланиши, тендерлар ташкил этилиши ва давлат харидларининг ўтказилиши каби масалаларни таҳлил қилиб борувчи ProTenge telegram-канали шаҳарлар ва вилоятлар миқёсида гербнинг алмаштирилиши битта идора даражасида 10 миллион тенгега (22 минг АҚШ долларидан кўпроқ) тушиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган. “Икки йил аввал Ақтўбе вилоятида полиция фақат иккитагина фасад герби учун тўрт миллион тенге тўлаган эди”, деб ёзган нашр.

Қозоғистон герби расман 1992 йилда қабул қилинган. 2019 йили гербдаги Қозоғистон номи кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказилган. Давлат гербини ўзгартириш лойиҳасини таркибига Маданият ва спорт вазирлиги, Техник бошқарув ва метрология қўмитаси, Стандартизация ва сертификация институти, Остона ҳокимияти ҳамда давлат герби муаллифи Жандарбек Малибековлар кирган ишчи гуруҳ ҳозирлаган.