Қозоғистон ТИВ Самарқандда сайёҳларга электрошокер қўлланилиши билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди

Айбек Смадияров

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Ўзбекистонда қозоғистонлик сайёҳлар дуч келган нохуш ҳодиса юзасида изоҳ берди.

“Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятга ойдинлик киритиб, ҳал қилиниши учун Ўзбекистон томонига хат билан мурожаат қилди. Биз ўз фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз”, дея иқтибос келтирган Айбек Смадияров сўзларидан “Казинформ” агентлиги.

Мулозимга кўра, вазирлик Самарқанд ички ишлар идоралари ходимлари Қозоғистон фуқароларига нисбатан электрошокер қўллаганига оид ҳодиса видеоёзувини ўрганиб чиққан.

“Ўзбекистонда жамоатчиликнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот вакиллари хатти-ҳаракатини қораламоқда. Шунга қарамай, биз вазиятни назорат остида ушлаб турибмиз”, дея билдирган Қозоғистон ТИВ вакили.

У Самарқанд ИИБда мазкур ҳодиса юзасидан ички текширув бошлангани, сайёҳларга электрошокер қўллаган ходимлар ишдан четлатилганини қўшимча қилган.

“Биз бу ишга аралашмасликка ҳаракат қиляпмиз ва ишнинг фуқароларимизни ҳимоя қилиш қисминигина кузатиб боряпмиз”, деган Айбек Смадияров.

21 майга ўтар кечаси Самарқандда патруль-пост хизмати ходимлари қўшни мамлакатдан келган сайёҳлар шахсини аниқлаш чоғида қўполликка йўл қўйиб, уларга нисбатан махсус воситаларни (электрошокер) ноўрин қўллаган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Самарқандда сайёҳларга нисбатан қўпол муомалада бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жавобгарликка тортилишини билдирган.