Қозоғистон ва Россиядан экстрадиция қилинган қорақалпоқ фаоллари Нукусдаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда

Жеткербай Абдраманов

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қорақалпоғистонлик фаол Ринат Утамбетов ва Россиядан Тошкентга йўлланган бошқа бир қорақалпоқ фаоли Жеткербай Абдраманов Нукусдаги тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки жамғармаси (ТХЖ) маълум қилди. Ҳуқуқбонлик гуруҳи маълумотига кўра, улар Тошкентдан Қорақалпоғистон пойтахтига ўтган ҳафтада келтирилган.

Давлатнинг ҳудудий яхлитлигини бузишга чақирганлик ҳамда хавфсизликка таҳдид солувчи материалларни тарқатганликда гумонланаётган шахслар ўлароқ Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган бу икки фаол 2024 йил декабрида Тошкентга қайтарилган эди.

“Ринат Утамбетов Нукусдаги ИИВ 2-сонли тергов ҳибсхонасига келтирилганига оид биринчи хабарни биз 29 январь куни олган эдик. Кейинроқ бу маълумотни бошқа манбалар ҳам тасдиқлашди. Жеткербай Абдрамановга келсак, Freedom for Eurasia ташкилоти 28 январь куни унинг адвокатидан олинган маълумотга таянган ҳолда фаол Тошкентдаги ДХХ тергов ҳибсхонасидан Нукусдаги 2-тергов изоляторига ўтказилганини маълум қилган. Ўша куннинг ўзидаёқ терговчи адвокатни бўлажак тергов ҳаракатлари ҳақида хабардор қилган”, дейилган ТХЖ хабарномасида.

Ҳуқуқ фаоллари қайдича, Утамбетов Қорақалпоғистондаги мухолифат ташкилотлари аъзоси бўлган эмас. Ўзбекистон расмийлари уни Telegram тармоғида 10 киши (асосан синфдошлари ва уларнинг хотинлари) аъзо бўлган гуруҳ орқали 2022 йил ёзида Нукусдаги норозилик чиқишлари чоғида “тақиқланган” учта видеоматериал тарқатганликда айблаганлар. Утамбетов 2024 йил апрелида Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахс сифатида Қозоғистонда қўлга олинган ва ўтган йилнинг декабрь ойигача Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган.

Жеткербай Абдраманов ишига халқаро жамоатчилик эътибори унинг Россияда ушланиб, озод бўлиши ва кейинчалик “ғойиб бўлиши” ортидан қаратилган. Туркияда нолегал равишда юрган Абдраманов Европага ўтиб кетиш йўлларини қидираётган бўлган. У Москвага 2024 йилнинг декабрь ойида етиб борган ва ўша заҳотиёқ қўлга олинган. Ўшанда у Ўзбекистонда ўзига қарши жиноят иши очилгани ва қидирувда бўлганидан хабар топган.

Москва прокуратураси Ўзбекистон расмийларидан фаол тўғрисида қўшимча маълумот сўраган ва ололмаган, ўша пайтда Абдрахманов қўйиб юборилган. У Мурманскдан Норвегияга ўтиб кетишни режалаган, бироқ Россия куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан қўлга олиниб, Москвага йўлланган. 27 декабрь куни Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари Москвага келиб, Абдрахмановни ватанига олиб кетишган.