Қозоғистонда аҳоли ерларнинг хорижликларга ижарага берилишига қарши чиқди

Олмаотадаги митинг иштирокчилари, 2021 йил 24 апрели

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 500 га яқин киши хорижликларнинг ерларни узоқ муддатга ижарага олишига рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши норозилик акциясида қатнашди. Тадбирни ўтказиш учун шаҳар маъмуриятидан розилик олинмаган, дея хабар қилишди “Настояшее время” телеканали ва Озодликнинг қозоқ хизмати.

Митингчилар қонунчиликка мамлакат ерларини хориж ширкатларига узоқ муддатга ижарага беришни назарда тутувчи тузатишлар киритилишига доир қонун лойиҳасини кўриб чиқишни тўхтатишни талаб қилишган.

Мамлакатда ерларни ажнабийларга ижарага топширишга қарши оммавий чиқишлар илк бор 2016 йилда кузатилган, ўшанда норозилик мазкур тузатишнинг кучга киришига мораторий белгиланишига олиб келганди.

Ҳозирда қонун қишлоқ хўжалиги ерларининг ижарага берилишини ман қилса-да, бу барибир ер майдонларининг йирик мулкдорлар қўлида тўпланишига халал бермайди, деб ишонилади.

“Медиазона” хабарига кўра, Олмаотада митингдан олдин бир неча жамоат фаоли ҳибс қилинган.

Митингга полиция катта куч ташлагани айтилмоқда. Йиғилганлар оммавий юриш уюштирмоқчи бўлишганида уларнинг йўлини махсус топшириқлар бажарувчи отряд вакиллари тўсган, намойиш ўтказилган ҳудудда уяли алоқа ўчириб қўйилган.

Митинг иштирокчилари, агар уларнинг талаблари бажарилмаса, май ойида яна кўчаларга чиқишга ва ёппасига очлик эълон қилишга ваъда беришган.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, Қозоғистон экин экишга яроқли ер майдонларининг аҳоли жон бошига нисбати бўйича жаҳонда иккинчи ўринда туради. Мамлакат Хитой ва Россия каби йирик бозорларга чиқиш имконига эга. Шунга қарамай, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзи сотганидан кўра кўпроқ импорт қилади, инфратузилма қолоқ, меҳнат маҳсулдорлиги эса ривожланган давлатлардагидан 10 баравар паст, деб ёзганди Forbes журналининг маҳаллий шўъбаси.

2016 йилги норозилик намойишлари амалда ер ислоҳотининг тўхтатилишига сабаб бўлганди. Мухолифлар чет элликларнинг ерларни сотиб олиши мамлакатнинг Москва ҳамда Пекин олдида ўз суверенитетини йўқотишига олиб келишидан хавотирдалар.