Қозоғистонда бу йил ҳам май ойида ҳарбий парадлар ўтказилмайди

Иккинчи жаҳон урушида Гитлер Германияси тор-мор қилинининг 70 йиллиги муносабати билан Остонада ўтказилган ҳарбий парад, 2015 йил 9 майи

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги 2024 йили мамлакатда 7 майда нишонланадиган Ватан ҳимоячилари куни ва 9 майда нишонланадиган Ғалаба кунига бағишланиб ҳарбий парад ўтказишни режалаётгани йўқ. Бунинг сабаби маблағларни тежаш ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш билан изоҳланган.

Хабарномада вазирлик Қозоғистон Қуролли кучларининг жанговар шайлиги ва бўлинмалар мобиллигини етарли даражасини тутиб туриш ўзи учун устувор вазифа эканини қайд этган.

Шу кунларда Оқўрда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мудофаа вазирлиги Руслан Жаксиликовнинг армия жанговар шайлигига оид ҳисоботини тинглагани ҳақида маълум қилган эди. Вазир президентга армия бўлинмаларининг тезкорлиги ва жанговар ҳозирлиги, бошқарув органлари ва шахсий таркиб таълими тўғрисида маълумот берган. Хусусан, ҳисоботда фавқулодда вазиятларда, “шу жумладан бу йилги тошқинга қарши кураш даврида” Қуролли кучларнинг марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари билан самарали ҳамкорлик қилиши аҳамиятли бўлганига урғу берилган.

Мудофаа вазири президент Тоқаевни Қуролли кучларнинг замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминлангани ҳақида хабардор қилиб, унга Қозоғистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги раислиги доирасида 2024 йилга режаланган тадбирлар, жумладан халқаро ҳарбий машқлар ўтказилиши юзасидан ҳисоб берган.

Шу тариқа, тўрт йилдан буён Ғалаба парадини ўтказмай келаётгн Қозоғистон бешинчи йилда ҳам ҳарбий парадни ўтказишдан воз кечган. Ўтган йили ва бурноғи йили ҳам қозоқ расмийлари параддан воз кечишларига “бюджет маблағларини тежаш ва бошқа устувор вазифаларни ҳал қилиш зарурати”ни сабаб ўлароқ келтиришган эди. 2020 ва 2021 йилларда эса ҳарбий парадлар локдаун ва COVID-19 пандемияси сабабли бекор қилинганди. 2023 йил майида Москвада ҳарбий парад бўлиб ўтган, мазкур парадда Қозоғистон президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам қатнашган эди — Москва парадидан икки ҳафта аввал Оқўрда президент 9 майни Остонада ўтказишини эълон қилганди.