Қозоғистонда Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари – Чегара хизмати директори Дархан Дилманов ва чегара хизматининг бошқа бир неча собиқ раҳбари қўлга олинган. Бу ҳақда қўмита томонидан 22 июнь куни тарқатилган хабарномада билдирилган.
“Қозоғистон-Хитой чегара постларида аниқланган ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш фактлари бўйича олиб борилаётган судгача тергов доирасида 22 июнь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – чегара хизмати директори генерал-лейтенант Дилманов Д.А, “Нур Жоли” чегара назорати бўлими бошлиғи майор Н.Арисбаев ва бошқа шахслар қўлга олинди ҳамда вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилди”, дейилган хабарномада.
Дархан Дилманов МХҚ раисининг ўринбосари – Чегара хизмати директори лавозимидан жорий йилнинг апрелида озод этилган. Ушбу лавозимни у 2015 йил июлдан бери эгаллаб турганди. 1998-2015 йилларда Дилманов МХҚ Чегара хизматида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
2020 йилда унга президент фармони билан генерал-лейтенант унвони берилган.
Қозоғистон-Хитой чегарасидаги божхонада юк автомобиллари тўпланиб қолиши ҳоллари тез-тез кузатилади. Савдогарлар чегарадан ўтиш қийинлигидан нолийдилар.
Eurasianet нашри муҳтамал коррупция туфайли Қозоғистон бюджетига ўнлаб миллиард доллар бож тўлови келиб тушмаётгани ҳақида ёзган эди.
Январь воқеаларидан сўнг Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Хитой чегарасидаги контрабанда ва коррупция муаммосини бартараф этишга кўрсатма берган.