Қозоғистон ҳукумати мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетилган пулларни қайтариш бўйича комиссия тузди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
“Ишчи гуруҳлар томонидан маблағлар чиқиб кетиши таҳлил қилинмоқда, сармояларни чет элдан мамлакатга қайтаришни рағбатлантириш ва чеклов чораларини жорий этишга доир таклифлар ишлаб чиқилмоқда”, дейилган ҳукумат сайтида эълон қилинган хабарномада.
Рағбатлантирувчи чора сифатида ҳукумат валюта тушумининг 80 фоизи конвертация қилинган тақдирда ҚҚСни соддалаштирилган тартибда қоплаб беришни таклиф қиляпти.
Шунингдек, норезидентларга дивиденд тўлаш чоғида солиқ имтиёзларини бекор қилиш, бир-бири билан боғланган норезидент шахслар томонидан кўрсатилган номоддий хизматлар бўйича чегирмаларга чекловлар киритиш сингари чеклов чоралари муҳокама қилинмоқда.
Комиссия собиқ президент Нурсултон Назарбоев оиласининг чет элга олиб чиқиб кетилган маблағларини қайтариш масаласини ҳам кўрадими-йўқми, деган саволга бош вазир Ерулан Жамаубаев ва иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров аниқ-тиниқ жавоб бера олишмаган. Уларга кўра, барча жиҳатларни комиссия белгилайди ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрганиб чиқади.
Аввалроқ Қозоғистон парламенти депутати Мақсат Раманқулов Tax justice network ташкилоти маълумотларига таянган ҳолда, сўнгги 25 йил ичида мамлакатдан чет элдаги офшорларга 140-160 миллиард доллар маблағ олиб чиқиб кетилганини айтган эди. Бироқ экспертлар жами сумма бундан икки баравар кўп эканини тахмин қилишмоқда.