Қозоғистонда нобуд бўлган қирғизистонликлардан бирининг жасади онасига топширилди

Олмаотадаги тартибсизликлар чоғида қурбон бўлган Азиз Мусаев

Олмаота шаҳридаги тартибсизликлар чоғида қурбон бўлган қирғизистонликлардан бирининг жасади бир ҳафта ўтиб унинг онасига топширилди, иккинчи қирғизистонликнинг жасади қариндошларига яқин кунлар ичида беришга ваъда қилинган.

Бу орада қозоқ полицияси томонидан қўлга олинган қирғизистонликлардан яна тўрт нафари ҳибсда қолмоқда. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ваъда бермоқда.

Олмаота шаҳридаги тартибсизликлар чоғида икки нафар қирғизистонлик – Азиз Мусаев ва Бахтиёр Бозорбоев ҳалок бўлган. Мусаевнинг жасади марҳумнинг онасига топширилган. Бозорбоевнинг жасади Қозоғистонда қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари буни тергов ҳаракатлари давом этаётгани билан изоҳлашган.

Азиз Мусаевнинг онаси ўғлининг жасадини олиб кетиш учун Олмаота шаҳрига борган. Марҳумнинг дўстларидан бири бўлмиш Сейтек Толтоевга кўра, айни пайтда Азизни қайси мамлакатда дафн қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Азиз Мусаев Олмаота Марказий майдонидаги тартибсизликлар чоғида яраланганлардан бирига ёрдам бераётган пайтда вафот этган. У 2016 йилдан бери Олмаотада фитнес-тренер сифатида ишлаб келган. Вафот этган қирғизистонликлардан яна бири бўлмиш Бахтиёр Бозорбоев ҳақида маълумот кўп эмас. Унинг йўловчи ташиш билан шуғуллангани маълум, холос.

Бундан ташқари, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қирғизистонлик яна тўрт нафар фуқарони қўлга олишган. Булар 1990 йилда туғилган Зокир Юбуров, 1991 йилда туғилган Адан Хуров, 1987 йили туғилган Иляс Мачо ва 2001 йили туғилган Абду-Раҳим Жиншанлондир.

Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консули Назарали Арипов ҳибсга олинган фуқароларнинг аҳволи қониқарли эканини маълум қилиб, улар яқин кунларда қўйиб юборилишига умид билдирган.

Расмийлар томонидан очиқланган сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликлар ортиадан Қоғозистон бўйлаб қўлга олинганларнинг умумий сони 10 минг кишига етган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги улар орасида ўз фуқаролари бор-йўқлигини текширмоқда.

Қирғизистон расмийлари Қозоғистондаги воқеалар бўйича ўз расмий муносабатини ҳали билдирганича йўқ, бироқ улар қўшни мамлакатдан ўз фуқароларини олиб чиқиш бўйича ишларни олиб боришмоқда. 11 январь куни “Ақ Тилек” чегара маскани орқали Қирғизистонга 150 нафардан зиёд фуқаро қайтиб келган, 13 январь куни эса чегарадан яна 30 қирғизистонлик ўтган. Қирғизистон расмийлари кўмагида Қозоғистондан жами 400 нафар фуқаро ватанига қайтган. Аммо Қозоғистонни ўз имконлари билан тарк этган қирғизистонликлар ҳам йўқ эмас.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, Қозоғистонда 30 мингдан зиёд қирғизистонлик яшайди, ишлайди ва ўқийди.