Қозоғистоннинг Ақмола вилоятида йўл ёпилгани туфайли автобусда қолган 26 нафар тожикистонлик ва икки ўзбекистонлик Кўкшетау шаҳридаги исиниш пунктига эвакуация қилинди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.
Ақмола вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати маълумотига кўра, эвакуация 9 декабрь куни тунги соат 1 да амалга оширилган. Ичида тожикистонлик ва ўзбекистонликлар бўлган автобус об-ҳаво ёмонлашгани туфайли Остона — Петропавловск йўлидаги блокпостда тўхтаган.
Йўловчилардан бири фуқаролар об-ҳаво ёмонлиги туфайли тўхтаб қолган автобусда уч соатдан кўпроқ қолиб кетишганини айтган.
Қайд этилишича, эвакуация қилинганлар илиқ хоналарга жойлаштирилиб, иссиқ чой ва егулик билан таъминланган. Шу кунларда Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида ҳаво ҳарорати – 30 даражагача пасайиб кетган, шу сабабли автойўлларданинг айрим жойларида ҳаракат чекланган.
2018 йилнинг 18 январида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус Ақтўбе вилоятининг Ирғиз туманида (Чимкент – Самара йўлида) ёниб кетгани натижасида 52 киши нобуд бўлган. Қурбонларнинг ҳаммаси ўзбекистонликлар эди. Ўша ҳодиса чоғида фақат икки йўловчи ва уч ҳайдовчигина тирик қолган.
Мазкур воқеа ортидан автобус ҳайдовчиларининг ҳар бири беш йилданга озодликдан маҳрум этилган. Транспорт ширкати муассиси ва механиги 3,5 йилданга кесилган, автобус эгасига эса уч йиллик қамоқ жазоси тайин этилган эди.