Қозоғистонлик дижей Иманбек Зейкенов Grammy мукофотига сазовор бўлди

Иманбек Зейкенов

Қозоғистонлик 20 яшар дижей Иманбек Зейкенов Grammy мукофотига сазовор бўлди.

Imanbek тахаллуси билан ижод қилувчи мусиқачи мазкур мукофотга америкалик рэпер SAINt JHN’нинг Roses композициясини ремикс қилгани учун лойиқ топилган.

“Мусиқачи фаолиятида энг зўр нарса Grammy ютиб олиш ва биз буни уддаладик”, деб ёзган у Instagram’даги ўз саҳифасида.

Зейкенов машҳур бўлиб кетгунига қадар Қозоғистоннинг Павлодар вилояти Ақсу шаҳрида темир йўлчи мутахассислиги бўйича ўқиётганди. Унинг ремикси YouTube видеопорталида миллионлаб марта кўрилган ва U.S. Billboard Hot 100 рейтингининг илк бешлигига кирган. Бу муваффақият ортидан у Россиядаги Effective records овоз ёзиш ширкати билан ҳамкорлик қила бошлаган ва қўшиқчи Карлос Сент-Жон билан сингл чиқаришга келишган.

Grammy мукофотини топшириш бўйича 63-маросим 14 март куни Лос-Анджелесда бўлиб ўтган. Ўз номинацияси бўйича Иманбек Зейкенов уч рақибини ортда қолдиришга муваффақ бўлган.

Grammy мукофоти йилнинг энг муҳим мусиқий ҳодисаси бўлиб ҳисобланади ва ўз нуфуз-эътиборига кўра киночиларнинг “Оскар” мукофотига тенг келади.