Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида кучли шамол уйларнинг томларини учириб кетди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 17 ноябрь куни юз берган кучли шамол оқибатида қатор уйларнинг томи учиб кетди, деб хабар берди маҳаллий нашрлар.

Ижтимоий тармоқларда шамол томларни учириб кетаётгани, одамларни йиқитаётгани ва машиналарни ағдараётгани тўғрисидаги видеолар тарқалди.

“Соатига 30 километр тезликда эсаётган шамолнинг тобора кучайиб бораётгани оқибатида Жамбул вилоятида автомшина ҳайдаш хавфли бўлиб қолмоқда. Ҳайдовчилардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш талаб этилади”,-дейилади вилоят полицияси 17 ноябрда тарқатган билдирувда.

Айни пайтда расмийлар шамол оқибатида кўрилган зарар ва жабрланганлар тўғрисида маълумот бермади.

Жамбул вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Олмаота-Тошкент трассасида кучли шамол оқибатида тўхтаб қолган машиналардан 26 кишини, жумладан, 2 болани қутқариб қолганини билдирди. Қутқарилган одамлар Нурликент қишлоғидаги мактабда ташкил этилган иситиш пунктига олиб борилган.