Қозоғистон Чегара хизматининг собиқ раҳбари Дилманов 4 йилга қамалди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг собиқ раҳбари Дархон Дилманов мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд уни мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топди.

Генерал-лейтенант Дархон Дилманов ўтган йилнинг ёзида порахўрлик ва Хитойдан Қозоғистонга товарларни ноқонуний олиб ўтиш бўйича жиноий схемага кўмаклашишда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Бир йилга яқин терговдан сўнг ҳукм 14 декабрь куни Олмаота гарнизони ҳарбий судида ўқилган. Жиноят ишининг тафсилотлари маҳфийлаштирилган.

Дилманов 2015 йилдан буён эгаллаб келаётган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари – Чегара хизмати директори лавозимидан 2022 йилнинг апрелида озод этилган эди. Ундан аввал Чегара хизматини бошқарган генерал Нурлан Жуламанов ҳам 2015 йилда уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва ўта йирик миқдорда пора олишда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.