Қозоғистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Кенжебек Абишев қамоқдан озод этилганидан уч ой ўтгач, 55 ёшида вафот этди.
Фаолнинг турмуш ўртоғи Гулмира Абишева Озодлик радиоси қозоқ хизматига эри 17 январь куни эрталаб юрак ҳуружидан ўлгани ҳақида билдирди. Абишевнинг юрак ҳуружидан вафот этгани тўғрисида “Тез ёрдам” врачлари хулоса берган.
Абишев ва унинг икки ҳамкори 2018 йилда Қозоғистонда тақиқланган “Қозоғистон демократик танлови” партиясига аъзо бўлгани ортидан “жиҳодга тайёргарлик кўриш” айблови билан 7 йилга қамалган эди. Кейинроқ унинг қамоқ муддати 8 ойга қисқартирилганди.
Ўзига билдирилган айбловни судда тан олмаган фаол 2021 йилнинг октябрида муддатидан олдин озодликка чиқарилган эди. У қамоқда ўзига чиқарилган ҳукм ва ҳибсдаги ноинсоний шароитларга норозилик сифатида очлик эълон қилганди.