Қозоғистонда ўқувчи мактабдошларини пичоқлади

Петропавловск шаҳри.

Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳрида тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга болта ва пичоқ кўтариб келиб, мактабдошларига ҳужум қилди.

Шимолий Қозоғистон вилояти халқ таълими бошқармасининг билдиришича, боши ва билаги жароҳатланган икки ўқувчи болалар касалхонасига ётқизилди, яна бир ўқувчига воқеа жойининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳужум қилган ўқувчини қўлга олиб, тергов ишларини бошлади. Гувоҳларнинг айтишларича, ўқувчи мактабнинг иккинчи қаватидаги ҳожатхонага кириб кийимини алмаштирган ва юзига ниқоб таққан. Шундан сўнг мактаб коридорига чиқиб, дуч келган ўқувчи қиз ва икки ўғил болага ҳужум қилган. Бу ҳодиса ҳали дарслар бошланмасидан туриб содир этилган.

Прокуратура ҳужумчи руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турганини, судгача тергов боланинг ва мактаб маъмуриятининг ҳаракатларига юридик баҳо беришини маълум қилди.

Мазкур воқеа юзасидан Қозоғистон халқ таълими вазирлиги махсус комиссия ташкил этди.