Қозоғистонда собиқ президент Назарбоевнинг жиянига нисбатан тергов тўхтатилди

Кайрат Сатибалди.

Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдига нисбатан тергов тўхтатилганини ва жиноят иши ёпилганини билдирди. Айни пайтда агентлик Сатибалди томонидан миллионлаб доллар маблағ ноқонуний равишда ўзлаштирилгани аниқланганини тасдиқлади.

Кайрат Сатибалди март ойида ҳибсга олинган ва унга нисбатан суд жараёни ўтказилиши кутилаётган эди. Коррупцияга қарши кураш агентлиги баёнотида айтилишича, Сатибалди ва у билан бирга қўлга олинган тўрт шахсга нисбатан тергов 500 миллион доллар зарар давлат фойдасига ундирилгани ва «Казақтелеком» акцияларининг 29 фоизи ҳукумат назоратига қайтариб берилгани муносабати билан тўхтатилди.

Агентлик Сатибалди ва унинг номи айтилмаётган ҳамкорлари томонидан давлат хазинасига аслида қанча миқдорда зарар етказилгани тўғрисидаги маълумотни ошкор қилмади.

2022 йилнинг январида Қозоғистон шаҳарларида бўлиб ўтган норозилик намойишларидан сўнг собиқ президент Назарбоев оиласи ва унинг яқинларига нисбатан қатор жиноят ишлари очилган эди. Назарбоевнинг ўзи эса қатор имтиёзлардан маҳрум этилди.