Қозоқ тилини билмаганларни фуқароликка қабул қилмаслик тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилди

Қозоғистонга келган россияликлар.

Қозоғистон ҳукумати қозоқ тилини, тарихини ва миллий қонунчилик асосларини билмаган шахсларни фуқароликка қабул қилмаслик назарда тутилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Қозоғистондаги Kursiv.Media нашри бош вазир Алихан Смаиловга таянган ҳолда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, бош вазир парламентда депутатлар саволларига жавоб берар экан, қонун лойиҳаси “Қозоғистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш тариқасида ишлаб чиқилганини билдирган.

Мазкур мавзу Россияда президент Путин фармони билан мобилизация эълон қилингани ортидан юз минглаб россияликлар мамлакатни тарк этгани, жумладан, Марказий Осиё давлатларига кўчиб ўтгани фонида муҳокама этилмоқда.

Аввалроқ қозоқ ҳукумати Россияда мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан кейин 200 минг хорижлик Қозоғистон индивидуал идентификация рақамини олиш учун ариза топширганини билдирган эди. Индивидуал идентификация рақамига эга бўлган хорижликлар Қозоғистонда ишлаш ва банкда ҳисоб очиш ҳуқуқига эга бўлади.