Нур-Султон расмийлари Қозоғистон Украинадаги сепаратчи ҳудудларни тан олмаслигини билдирди

Нур-Султон Украинадаги сепаратчи ҳудудларни тан олмайди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Озодлик радиоси қозоқ хизматига билдирди.

5 апрелда ўтган ҳукумат йиғинидан сўнг президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Тимур Сулеймановнинг баёнотига муносабат билдирган Мухтар Тлеуберди “Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмаймиз”,-деб билдирди.

Президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Тимур Сулейманов 29 март куни EURACTIV news медиа тармоғига берган интервьюсида Нур-Султон “Украинанинг ҳудудий яҳлитлигини қўллаб-қувватлашини”, мамлакат Қрим аннекциясини, Украина шарқида ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб номлаб олган сепарат ҳудудлар мустақиллигини “тан олмаганини ва бундан кейин ҳам тан олмаслиги”ни айтган эди.

Тлеуберди Қозоғистон Россияга ғарб санкцияларини четлаб ўтишга воситачи бўлмаслигини, бироқ Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида Россия билан иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришини қўшимча қилди.