Қримтатарлар лидеридан бири Наримон Жалоловнинг ҳибс муддати 23 январгача узайтирилди

Наримон Жалолов судда

Аннексия қилинган Қрим суди қримтатарлар етакчиси Наримон Жалоловнинг ҳибс муддатини 23 январгача узайтирди. Бу ҳақда 28 октябрь куни унинг адвокати Николай Полозов маълум қилган.

Жалолов ва унинг тўрт сафдоши сентябрь ойи бошидан буён ҳибсда сақланмоқда. Улар газ қувурида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатига доир иш бўйича айбланган. Дастлаб уларни эҳтиёт чораси сифатида икки ой қамоқда тутиб туришга санкция берилган.

Украина расмийлари қримтатар фаолига қарши айбловларни “сохта” деб аташган. Қўшма Штатлар эса Россияни Наримон Жалоловни озод этишга чақирган.

Наримон Жалолов Россияда экстремистик ташкилот деб топилган Қримтатарлар мажлиси раисининг ўринбосаридир.

Фаол ҳибсга олингач, Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Қримдаги биноси олдида норозилик акцияси бўлиб ўтган, 50 дан ортиқ киши қўлга олинган.

Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Эмин Жаббор фаолларнинг ҳибс этилишини Киевда ўтказилган Қримни “оккупациядан озод қилиш” масалаларига бағишланган халқаро конференция учун “Россиянинг ўч олиши” деб атаган. Жалолов ушбу конференцияда иштирок этган. Расмий Москва уни “Россияга қарши тадбир” деб атаган. Қрим аннексиясини Россия ҳукумати тарихий адолатнинг тикланиши ўлароқ талқин қилади.

Аввалроқ суд Наримон Жалоловни руҳий касалликлар шифохонасида кўрикдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Қримтатар фаоли 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.