Чеченистон ОАВда жиноятчилар миллатини ошкор этмасликни таклиф қилмоқда

Рамзон Қодиров жиноятчиларнинг миллатини таъкидловчи журналистларни танқид қилган эди.

Чеченистон парламенти Россия Давлат думасига оммавий ахборот воситаларида жиноятчиларнинг дини ва миллатини ошкор этишни тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим қилди.

Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, хабарларда жиноятчининг дини ва миллатининг таъкидланиши диндорлар учун ҳақоратдир. Чечен парламентининг билдиришича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Россиядаги миллатлараро ва динлараро муносабатлардаги барқарорликни сақлаб қолинишига ҳисса қўшади.

Чеченистон парламенти бу қонун лойиҳасини президент Рамзон Қодиров Москвада болали шахсга ҳужум қилганларни “кавказ миллатига оид қиёфадагилар” деб ёзган журналистларни танқид қилгани ортидан ишлаб чиқди.

Қодиров ўшанда “оммавий ахборот воситаларида жиноят қилганларни аниқлаш учун фақат икки тоифадаги фуқаролар мавжуд - кавказликлар ва миллати йўқ одамлар”, деб айтган эди.