Рамзан Қодировга “Стоматология соҳасидаги хизматлари учун” ордени берилди

Рамзан Қодиров ўттиздан ортиқ орден ва медаллар билан тақдирланган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга I-даражали “Стоматология соҳасидаги хизматлари учун” ордени берилди.

Россия Стоматологлар ассоциацияси қарори билан бериладиган мазкур орден Қодировга Грознийдаги 1-сонли стоматология поликлиникасининг янги биноси очилиши маросимида топширилди. Бунга жавобан Қодиров поликлиниканинг бош врачи Юнус Умаровни Чеченистоннинг олий мукофоти – Қодиров ордени билан тақдирлади.

Озодлик лойиҳаси бўлган Кавказ.Реалии нашри шу муносабат билан Рамзан Қодиров тақдирланган орденлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Нашрнинг ёзишича, бундан аввал Қодиров Россия жазони ўташ тизимини мустаҳкамлагани учун, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қўшган ҳиссаси учун, парламентаризмни ривожлагнтиршига қўшган ҳиссаси учун, агросаноатни, қонунчиликни ва давлат қурилишини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун каби медаллар билан мукофотланган.

Ўтган йили соғлиқни сақлаш ва тиббиётни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Қодиров “Авиценна” ордени билан тақдирланган.

Жами Рамзан Қодиров ўттиздан ортиқ орден ва медаллар билан тақдирланган.