Расмий Тошкент Афғонистонда аёллар таълими тақиқлангани юзасидан хавотир изҳор қилди

Кобулдаги толибалар (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда аёлларнинг олий ўқув юртларида таҳсил олишига тақиқ қўйилганига муносабат билдирди.

Афғонистонда хотин-қизларнинг давлат ва хусусий олий ўқув юртларида таълим олишига тақиқ қўйилгани тўғрисидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилдик. Афғон халқининг тинч ва фаровон келажакни барпо этиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатъият белгиси сифатида ушбу қарор қайта кўриб чиқилишига умид қиламиз”, дейилган вазирлик баёнотида.

“Толибон” ҳаракати 2022 йил 21 декабрь куни афғон аёлларининг университетда ўқишини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилган. Толиблар шакллантирган ҳукумат таркибидаги Таълим вазирлиги чеклов зудлик билан ва муддатсиз кучга кирганини айтган.

Бунинг ортидан АҚШ раҳбарияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда “Толибон”га қарши чора кўришни режалаштираётганини маълум қилган.

Афғонистонда аввалроқ қизларнинг ўрта мактабда таҳсил олиши ҳам ман этилган эди.